Осиё Кубоги 2015: Ўзбекистон термаси КХДР термаси устидан ғалаба қилди

Дата: 12:43, 12-01-2015.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичи биринчи тури доирасида 10 январда Сиднейдаги “Стэдиум Австралия” стадионида бўлиб ўтган учрашувда КХДР терма жамоасини кичик 1:0 ҳисобида мағлуб этди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Футбол федерацияси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Маълумотга кўра, учрашув тақдирини Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев томонидан 62-дақиқада киритилган гол ҳал қилган. Шунингдек, ушбу ўйинчи учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган.

Ўзбекистон терма жамоасининг “В” гуруҳидаги 2-тур ўйини 14 январ куни Брисбен шаҳрида Хитой терма жамоасига қарши бўлиб ўтади. Гуруҳдаги якунловчи ўйин эса 18 январда Саудия Арабистони термаси билан Мельбурнда ўтказилади.

Эслатиб ўтамизки, 16-марта ўтказилаётган қитъа биринчилиги 9 январда бошланган бўлиб, 31 январга қадар Австралиянинг Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберр ва Мельбурн шаҳарларида бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: