Осиё Кубоги 2015: Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўйинида яна бир чоракфиналчи номи маълум бўлади

Дата: 22:33, 16-01-2015.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўйинида яна бир чоракфиналчи номи маълум бўлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

15 январ кунги ўйиндан кейин эълон қилинган ҳисоботда биз Саудия Арабистони ва Шимолий Корея ўзаро 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, деб хатога йўл қўйганлигимиз маълум бўлди. Бунинг учун ўқувчилардан узр сўраймиз, чунки юқоридаги ўйин саудияликларнинг йирик ҳисобдаги (4:1) ғалабаси билан тугаган эди.

Шу сабабли, 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичи учинчи тури доирасидаги Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўйинида турнир чоракфиналига яна бир йўлланма ўйналади. Қизиғи, Саудия Арабистонини дуранг ҳам қониқтиради.

Шу билан бирга, ўзбек футболчиларига қандай ҳисоб билан бўлишидан қатъи назар, фақат ғалаба зарур. Кеча хабар қилганимиз каби, Ўзбекистон бош мураббийси Миржалол Қосимовнинг сўзларига кўра, терма жамоа фақат ғалаба учун ўйнайди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон термасининг Саудия Арабистони билан ўйини 18 январда Тошкент вақти билан соат 14.00да бошланади.

Маълумот ўрнида, Осиё қитъасининг 16-биринчилиги 9-31 январ кунлари Австралиянинг беш шаҳри - Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра ва Мельбурнда бўлиб ўтмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: