Осиё ўйинлари: теннис бўйича Ўзбекистон термаси Жанубий Корея жамоасини енгди

Дата: 14:58, 23-09-2014.

Тошкент. 23 сентябр. ЎзТАГ – Теннис бўйича Ўзбекистон термаси Инчхонда бўлиб ўтаёган XVII Осиё ўйинларида Жанубий Корея терма жамоасини енгди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин рақиби Чунг Хеонани қийинчиликларсиз енгишга муваффақ бўлди. Баҳс 6:4; 7:5 ҳисоби билан якунланди. Ўз навбатида, Фаррух Дўстов қизиқарли кечган беллашувда Лим Юонгку устидан 7:6; 6:3 ҳисобларида ғалаба қилди. Жуфтлик баҳсларида Санжар Файзиев ва Темур Исмоилов Чо Минхеку ва Нам Жисунгуларга ўйинни бой бердилар (6:3; 6:1)”, – деб таъкидлашди Миллий олимпиа қўмитаси матбуот хизматида.

Бугун ўзбекистонлик спортчилар яримфинал баҳсларида бундан олдин ҳиндистонлик теннисчиларни енгган Қозоғистон терма жамоаси билан беллашадилар.

Эслатиб ўтамизки, 19 сентябрдан 4 октябрга қадар Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида XVII Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистондан спортнинг 32 тури бўйича 296 спортчи иштирок этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: