Осиё ўйинлари: ўзбек оғир атлетикачиси “бронза” медал олди

Дата: 12:05, 25-09-2014.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Улуғбек Алимов XVII ёзги Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“85 кггача бўлган вазн тоифасида у даст кўтаришда 164 кг, силтаб кўтаришда эса 205 кг натижа кўрсатди. Спортчимиз 369 кг умумий кўрсаткич билан шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди”, - деб таъкидлашди Миллий олимпиа қўмитаси матбуот хизматида.

Ушбу мусобақаларда олтин медал хитойлик Тао Тианга, кумуш соврин эса эронлик спортчи Киануш Рустамийга насиб қилди.

Эслатиб ўтамизки, 19 сентябрдан 4 октябрга қадар Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида XVII Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистондан спортнинг 32 тури бўйича 296 спортчи иштирок этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: