Остона йирик иқтисодий ва молиявий марказдир – Мирзиёев

Дата: 15:57, 09-07-2018.

Тошкент. 9 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонанинг 20 йиллиги муносабати билан табригида “ушбу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдон ҳамдир”, деб таъкидлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Унинг қиёфасида қозоқ халқининг бой маданияти ва анъаналари, замонавий архитектура ютуқлари мужассам”, - деб иқтибос келтиради Мирзиёевдан унинг матбуот хизмати.

У Остонада минтақавий ва халқаро миқёсдаги тадбирлар ҳам ўтказилганлигини қайд этиб ўтди. Жумладан, Қозоғистон пойтахти 2011 йилги қишки Осиё ўйинлари, 2017 йилги халқаро ихтисослашган кўргазмага мезбонлик қилган. Остонани Ўзбекистон президентлари, парламент ва ҳукумат делегациялари ташриф буюришган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22-23 март кунлари Остонага давлат ташрифи билан келган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу шаҳарда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитларида ҳам иштирок этди.  

Расмий Остона Шавкат Мирзиёевнинг минтақа мамлакатлари раҳбарларининг учрашувини ташкил этиш ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Жорий йил 15 март куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу тарихий саммит минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, шериклик ва яхши қўшнилик муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди.

Эслатиб ўтамизки, ўтган ҳафта охирида Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан пойтахтнинг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун ташриф буюрди.

Сурат манбаи: http://www.akorda.kz/ru/events/uchastie-v-ceremonii-otkrytiya-goda-uzbekistana-v-kazahstane

Янгилик билан ўртоқлашиш: