Остонада Ўзбекистон элчихонаси очилади

Дата: 12:05, 16-08-2017.

Тошкент. 16 август. ЎзТАГ – 15-августда Остона шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Саидикрам Ниязходжаев бошчилигидаги ТИВ делегацияси қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Галимжан Койшибаев, ТИВ масъул котиби Анарбек Карашев билан музокаралар давомида давлат раҳбарияти кўрсатмасига кўра Остона шаҳрида Ўзбекистон Элчихонаси биноси қурилиши ва Олмота шаҳридаги ҳозирги дипломатик миссия ўрнида Бош консулхона очилиши билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди”, - деб таъкидлашди ТИВ матбуот хизматида.

Мазкур масала Қозоғистон Республикаси Инвестициялар ва тараққиёт вазирлигининг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ишлари бўйича қўмитасида, Ички ишлар вазирлигининг Миграция ишлари бўйича қўмитасида ва Остона шаҳри ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувларда ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон пойтахтидаги “EXPO-2017” халқаро кўргазмасига ташриф буюрди ва Ўзбекистон экспозицияси билан танишди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: