Остонада Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳридадаги ИҲТ саммити доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизматига асосланган холда.
Икки давлат раҳбарларининг жорий йил июн ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувлар асосида ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди. Унинг изчил амалга оширилаётгани натижасида савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. 2017 йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 18,5% ўсган.
Президентларнинг ушбу учрашувидан кейин савдо айланмаси янада ошиши қайд этилди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.