Остонадаги қурилишда бетон плиталар қулашидан жабрланган ўзбекистонлик сунъий кома ҳолатида

Дата: 14:39, 18-09-2017.

Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – Остонадаги қурилишда бетон плиталар қулашидан жабрланган ўзбекистонлик сунъий кома ҳолатида, деб хабар берди ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Травматология ва ортопедия илмий тадқиқот институти”нинг матбуот котиби Дана Уанбаева. Бу ҳақида КазТАГ хабар қилади.

“Ҳозирда бемор ўпкани сунъий нафас олдириш қурилмасида сунъий кома ҳолатида. Гемодинамик параметрлари барқарор”, - деди душанба куни Д.Уанбаева.

 Таъкидланишича, 22 ёшли бемор Жўрабоев 17 сентябр “Травматология ва ортопедия илмий тадқиқот институти”га тезкор тартибда топширилган.

“Дастлабки ташхис беморнинг бир неча турдаги жароҳатлар олгани, бош-мияси шикастлангани, танасида жароҳатлар мавжудлиги, суяклари бир неча жойидан синганини кўрсатди”, - деб хабар берди матбуот котиби.

“Травматология ва ортопедия илмий тадқиқот институти”нинг шифокорлари шу куннинг ўзида беморнинг жароҳатларини жарроҳлик йўли билан тикиб, даволаганлар.

Эслатиб ўтамизки, 17 сентябр куни Остонада “Сарыарка” туманидаги қурилиш объектида шип ва девор қулаб тушган. Натижада 3 киши тан жароҳати олди, улардан 2 нафари вафот этди, 1 нафари касалхонага ётқизилди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари.

ИИД маълумотига кўра, деворларнинг қулаши плиталар устига қурилиш материаллари ҳаддан ташқари кўп жойлаштирилгани натижасида содир бўлган.

Ушбу факт юзасидан ҚР Жиноят кодексининг 277 моддаси (икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг ўлимга сабаб бўлган қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича судгача тергов бошланган. Юклаш ишларига масъул бўлган 1970 йилда туғилган қурилиш лойиҳа объекти бошлиғи ҳибсга олинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: