Ҳотамжон Кетмонов ЎХДПдан Ўзбекистон президентлигига номзод қилиб кўрсатилди

Дата: 16:55, 17-10-2016.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Ҳотамжон Кетмонов Халқ демократик партиясидан  Ўзбекистон президентлигига номзод қилиб кўрсатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).   

Партия маълумотларига кўра, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Хотамжон Кетмонов номзодини тасдиқлаш  Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Х қурултойида бўлиб ўтди.

Номзоднинг сайловолди дастури муҳокамасида унинг устивор вазифалари жамиятнинг барча аъзоларини ҳар томонлама риволантириш ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш эканлиги таъкидланди. Хусусан, яна бир асосий устувор йўналиш аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни юритишдан иборатлиги ҳам қайд этилди.

Шу билан боғлиқ ҳолда, дастур меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлиги қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишини, ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратилишини, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизими шакллантирилиши билан боғлиқ масалаларни қамраб олади.

Шунингдек, дастур кучли ижтимоий сиёсат, самарали пенсия тизимини яратиш, ногиронлар, боқувчисидан ажралган болалар, пенсионерлар ва бошқа аҳоли камтаъминланган катламларининг ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондириш кабиларни ҳам кўзда тутади.

Шунингдек, қурултойда, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг уставига қонунчиликка мувофиқ тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

  Эслатиб ўтамизки, “Ўзбекистон Республикаси президенти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, президентликка фақат сиёсий партиялар номзод кўрсатишга ҳақли.

Янгилик билан ўртоқлашиш: