ОТБ эксперти Ўзбекистон онлайн давлат хизматлари мониторингини ўтказди
Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – “Электрон ҳукумат”ни ривжлантириш марказида халқаро маслаҳатчи Ражеш Кумар Шакьянинг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Марказдан маълум қилишларча, эксперт Осиё таараққиёт банкининг “Самарали давлат бошқаруви учун Э-ҳукумат” лойиҳаси доирасида таклиф этилган.
Унинг 26 феврал-7 март орасида давом этадиган ташрифидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистондаги интернет орқали бизнесни рўйхатга олиш ва давлат харидлари тизими билан танишишдан иборат.
Маслаҳатчи ташриф доирасида юқоридаги жараёнга жалб қилинган қатор вазирлик ва муассасалар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Тақдимот давомида эса учрашувлар натижаси, соҳадаги вазият таҳлили, ушбу йўналишдаги турли давлатларда мавжуд илғор тажриба, шунингдек, Ўзбекистондаги тизим самарадорлигини оширишга доир тавсиялар тақдим қилинди.
Ишнинг кейинги босқичида доктор Шакья мулкни рўйхатдан ўтказиш ва давлат харидлари соҳаларидаги жараёнлар реинжинирингини ўтказишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамизки, доктор Раджеш Кумар Шакья давлат электрон хизматлари ва харидлари соҳаларидаги тан олинган эксперт ҳисобланади.