ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига янги миллий автомагистрални қуриш учун $150 млнлик учинчи кредитни маъқуллади
Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ - Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши Ўзбекистонга янги миллий автомагистрални қуриш учун $150 млн миқдорида кредит бериш ҳақидаги қарорни маъқуллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВ асосланган ҳолда.
Банк сайтида таъкидланишича, кредит банкнинг оддий ресурсларидан тақдим этилмоқда, Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи лойиҳани амалга ошириш учун $80 млн ажратади.
Кредит 25 йилга берилган бўлиб, банкнинг стандарт LIBOR ставкасига асосланган 5 йиллик имтиёзли муддатни ҳам ичига олади.
Бу банкнинг миллий автомагистрал қурилишини молиялаштириш бўйича $500 млнлик мультитранш молиялаштирилиши доирасидаги учинчи охирги траншдир. У банк томонидан 2011 йил сентябрда маъқулланган эди.
ОТБ маълумотларига кўра, кредит маблағлари А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов” автойўлининг 87 кмли 228-315 км участкасини реконструкция қилишга йўналтирилади.