ОТБ Ўзбекистонда чорвачилик ва ветеринария соҳасини ривожлантириш учун $150 млн ажратади

Дата: 17:31, 02-10-2019.

Тошкент. 2 октябрь. ЎзТАГ – Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда чорвачилик ва ветеринария соҳасини ривожлантириш учун $150 млн ажратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"ОТБ чорвачилик соҳасида фермер ва тадбиркорларнинг молиявий ресурсларга, бозорларга, ветеринария ва бошқа ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш хизматларига киришини ошириш мақсадида Ўзбекистон учун $150 млнлик кредитни маъқуллади", - дейилади банк матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, ОТБ “Чорвачилик тармоғида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси”ни молиялаштириш учун ажратилган умумий маблағнинг 146 млн доллари иштирок этувчи молия институтларига ажратилади. Суб-қарз олувчиларнинг максимал активлари мурожаат қилиш пайтида $50 млн бўлиши лозим ва улар чорвачилик хизматларини ишлаб чиқариш, сотиш, қайта ишлаш, етказиб бериш ва хизмат кўрсатишда иштирок этишлари керак.

Қолган $4 млн Ўзбекистонда хусусий ветеринария амалиётини ривожлантиришга, шу жумладан, клиник ветеринария хизматидан фойдаланишни яхшилаш, ҳайвонларни даволаш, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича маслаҳат ва дори-дармонларни жорий этишга йўналтирилади.

Лойиҳа 2024 йил охирига қадар якунланиши кутилмоқда.

Сурат манбаи: review.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: