ОТБ Ўзбекистонда темир йўлларни электрлаштиришга $80 млн ажратишни маъқуллади
Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги Поп, Наманган ва Андижон шаҳарларини боғловчи темир йўлларнинг 145 километрини электрлаштириш лойиҳасига $80 млн миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақида душанба куни банк матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар қилинишича, йўлнинг электрлаштириладиган қисми Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастурининг минтақадаги энг муҳим 2-йўлаги ҳисобланади.
“Ўзбекистон каби денгизга бевосита чиқа олмайдиган мамлакатларда темир йўлларининг хавфсизлиги, ишончлилиги ва барқарорлиги мамлакат тараққиёти ва иқтисодий ўсишини таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда транспорт соҳасининг яхшиланиши мамлакатнинг Марказий Осиёдаги савдо ва транспорт хаби сифатидаги стратегик жойлашувини мустаҳкамлайди”- деди ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Такео Кониши.
Янги лойиҳа Ўзбекистон аҳолисининг деярли учдан бир қисми истиқомат қиладиган Фарғона водийси ва водийдаги йирик шаҳарларни Тошкент билан боғлайди ҳамда янги иш ўринлари барпо этилишига кўмаклашади. Шунингдек, лойиҳа темир йўл ўтувчи ҳудудлар орасида минтақавий савдонинг ўсишига, экология ва темир йўллардаги хавфсизлик кўрсаткичлари ошишига ёрдамлашади.
Лойиҳа амалга оширилиши билан ҳавога чиқариладиган CO2 10 минг тоннага камайиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати $177,45 млнга баҳоланган. “Ўзбекистон Темир Йўллари” ДАЖК ва ҳукумат лойҳага $97,45 млн сармоя киритади.