ОТБ Ўзбекистонга электроэнергия ҳисоб-китоби тизимини модернизация қилишга $300 млн ажратди

Дата: 15:31, 19-09-2015.

Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга электроэнергия истеъмолини ҳисоб-китоб қилиш бўйича автомат назорат тизимини (ЭИҲКАНТ) жорий қилиш дастурининг сўнгги босқичини амалга оширишга $300 млн ажратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу маблағ Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Наманган ва Сурхандарё вилоятларида 3,1 млн ҳисоблагичлар ва тегишли ускуналар ўрнатишга сарфланади”, – деб таъкидлашди ОТБ матбуот хизматида.

Шунингдек, маблағлар “Ўзбекэнерго” ДАК ходимларини ўқитишга, аҳолининг энергия самарадорлиги ҳақида хабардорлигига доир ахборот кампанияси ўтказишга йўналтирилади. Лойиҳа 5 йилга мўлжаллангандир.

Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, бугунда “Ўзбекэнерго” юқори даражадаги тизимли йўқотишлар ва тарифларнинг қуйи йиғилиши билан тўқнашмоқда. Булар эса электроэнергиясини истеъмол қилиш бўйича ускуналарга инвестиция қилиш учун маблағлар етишмовчилигига олиб келмоқда.

Шу сабабли ўзбек томони халқаро молия институтлари, жумладан, ОТБ электроэнергия истеъмолини ҳисоб-китоб қилиш бўйича автомат назорат тизимини жорий қилишда кўмак сўради.

“Ўзбекэнерго” АЖ маълумотларига кўра, қиймати $491 млнлик лойиҳани амалга оширишга ўзбек томони маблағлари ҳам ажратилади.

“Ақлли” ҳисоблагичлар электр таъминотини масофадан туриб ўчириб-қўшишга имкон беради ва тизим самарадорлигини оширади.

ЭИҲКАНТ Korea Telecom томонидан етказиб берилади.

Эслатиб ўтамизки, ОТБ ўзбек томонига 2011 йил сентябрда республиканинг Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида 1 млн электроэнергия ҳисоб-китоб қурилмалари ўрнатишга $150 млн ажратган эди. Қиймати $207,4 млнлик лойиҳа 2018 йилда амалга оширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: