ОТБ Ўзбекистонга халқаро бухгалтерия стандартларини жорий этишга ёрдам беради
Тошкент. 29 август. ЎзТАГ - Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга халқаро бухгалтерия стандартлари (International Public Sector Accounting Standards, IPSAS)ни жорий этишга ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"23 август куни Молия вазирлиги ОТБ билан биргаликда халқаро консультантлар ва IPSAS давлат молия мутахассислари билан халқаро бухгалтерия стандартларини жорий этиш, шунингдек, ишлаб чиқилган йўл харитаси билан танишиш бўйича семинар-тренинг ташкил этди", - дейилади Молия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланганидек, ОТБнинг "Осиё-тинч океани минтақасида молиявий бошқарувни мустаҳкамлаш, 2-босқич" (RETA) минтақавий техник ёрдам лойиҳаси доирасида асосий давлат идоралари билан дастурий ислоҳотларни ишлаб чиқиш, хусусан, жамоат сектори учун халқаро бухгалтерия стандартлари (IPSAS) қабул қилинишининг йўл харитасини ишлаб чиқиш орқали Ўзбекистонда ҳисобдорлик, шаффофлик ва харажатларни ва даромадларни бошқаришни такомиллаштириш кўзда тутилган.
"IPSAS стандартлари давлат секторида ишончли ва юқори сифатли бухгалтерия маълумотларини тақдим этади, молиявий ҳисоботларнинг мустаҳкамлиги ва таққосланиши, илғор халқаро тажриба амалиёти, давлат секторидаги бошқарув компонентини таъминлайди", – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, молиявий ҳисоботнинг асосий элементлари, молиявий аҳвол тўғрисидаги ҳисобот, молиявий кўрсаткичлар тўғрисидаги ҳисобот, ўз маблағлари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот, пул оқими тўғрисидаги ҳисоботни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек, бюджетни ҳақиқий кўрсаткичлар билан таққослаш тўғрисидаги ҳисобот қайд этилди.
Сурат манбаи: mf.uz


