ОТБ Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун $45 млн маблағ ажратади
Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Осиё тараққиёт банки (ОТБ) директорлар кенгаши Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш учун $45 млн миқдорида кредит ажратишни маъқуллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу лойиҳа тиббий хизмат кўламини кенгайтириш ва аҳолига янги турдаги хизматларни тақдим этиш имконини беради.
“Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тармоғи аҳоли соғлиғини яхшилаш ва умрини узайтиришда муҳим қадамлар қўйди, лекин, айниқса, мамлакатнинг чекка ҳудудларида соғлиқни сақлаш сифатини яхшилашга эҳтиёж бор”, - деб иқтибос келтиради ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Соғлиқни сақлаш департаменти мутахассиси Меган Кунаханнинг сўзларидан банк матбуот хизмати.
ОТБ тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш орқали тиббий хизматлар сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан яқин ҳамкорликда ишлайди.
“Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан кейин соғлиқни сақлаш кўрсаткчилари яхшиланишига қарамай, мамлакатда аҳолининг барвақт ўлимининг олдини олиш ва юқумли касалликлардан сақланиш мақсадида бирламчи соғлиқни сақлаш қамровини кенгайтириш учун эҳтиёж бор”, - дейилади хабарда.
Бирламчи соғлиқни сақлаш яхшилаш лойиҳаси ОТБнинг 2004 йилдан бери соғлиқни сақлаш соҳасидаги биринчи лойиҳаси ҳисобланади ва қишлоқ врачлик пунктлари негизида яратилган 793 янги оилавий соғлиқни сақлаш марказлари учун замонавий тиббий асбоб-ускуналар тақдим этиш орқали қишлоқ жойларда бирламчи тиббий хизматларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамизки, у ОТБ 1966 йилда Манила шаҳрида ташкил этилган ва минтақада ҳамкорлигининг 50 йиллигини нишонлайди. 67 мамлакат Осиё тараққиёт банки аъзоларидир. Уларнинг 48 таси минтақада жойлашган. 2016 йилда ОТБнинг умумий ёрдами $31,7 млрд.ни ташкил этди.