ОТБ Жиззахнинг канализация тизимини реконструкция қилишга $81 млн ажратди

Дата: 12:38, 11-09-2015.

Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Осиё тараққиёт банки (ОТБ) директорлар кенгаши Ўзбекистонга Жиззах шаҳрининг канализация тизимини реконструкция қилишга $81 млн ажратиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақида ЎзТАГ мухбирига ОТБнинг республикадаги ваколатхонасида хабар қилишди.

Ваколлатхонадан маълум қилишларича, кредит Осиё ривожланиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган бўлиб, кредит келишувини 2015 йил охиригача имзолаш режалаштирилган.

“Лойиҳа ($96,6 млн – ЎзТАГ) янги сувни тозалаш иншооти қуриш, 62 км магистрал коллектор ва тўрт насос станциясини реконструкция қилиш кабиларни кўзда тутади. Ишлар 2020 йилда якунланиб, шундан кейин тизим қувватлари кунига 30 минг куб метров канализацион чиқиндиларни қайта ишлашга етадиган бўлади. Насос қувватлари кунига 15 минг куб метрни ташкил этади”, – деб таъкидлашди банкнинг Ўзбекистон бўлимида.

Бундан ташқари, ОТБ Жиззах вилоятида канализацион иншоотларни бошқариш бўйича корхонани ташкил этишга ҳамда унинг ходимлари учун тренинглар ўтказишга кўмаклашади. Лойиҳадаги Ўзбекистон улуши $15,6 млнга тенг.

“Жиззах шаҳри ҳудудий иқтисодиёт ривожининг асосий бўғинларидан бири. Лойиҳани амалга ошириш орқали 85 минг аҳоли ва 350 бизнес субъектлари тоза ичимлик суви ва ишончли канализация тизимидан фойдаланиш имкониятини оладилар”, – деди ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё Департаменти бошлиғи Хао Жанг.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон 1995 йилдан буён ОТБ аъзосидир ва бугунда ушбу молия муассасасининг Марказий Осиёдаги энг йирик кредит олувчисидир. 1995 йилдан бери ОТБ Ўзбекистонга $3,5 млрд маблағ ажратган бўлиб, ушбу маблағлар таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфраструктураси ва энергетика тармоғини модернизация қилиш кабиларга йўлланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: