ОТМК “Олис” конини ўзлаштиришни бошлади
Тошкент. 12 апрел. ЎзТАГ – Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати (ОТМК) энг кенг кўламли бўлган “Олис” конини ўзлаштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Янги коннинг ўзлаштирилиши 2015-2019 йилларда Олмалиқ ТМК АЖ таркибий ўзгаришлар, ишлаб чақаришни модернизация ва диверсификация қилиш дастурида кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш 2017−2028 йилларда икки босқичда амалга оширилади. 2017−2021 йилларда амалга ошириладиган биринчи босқич “Олис” конидаги “Марказий” карьерини ўзлаштириш, фойдали қазилмалар юзини очиш ва тоғ-капитал ишлар, ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика объектлари ва бошқа тегишли ёрдамчи инфратузилмалар қуриш ва яратиш, шунингдек, тоғ, транспорт ва бошқа техникаларни харид қилишни кўзда тутади.
Иккинчи босқич (2019−2028 йиллар) фойдали қазилмалар юзини очиш ва тоғ-капитал ишларни давом эттириш билан бир қаторда йилига 23 млн тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга қайта ишлаш, эритиш , ҳамроҳ ва ёрдамчи объектларини қуришни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамизки, 1 мартда Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев ““Олис” кони негизида “Олмалиқ ТМК” АЖ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.