Оттавада ўзбек-канада сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Дата: 14:49, 22-04-2016.

Тошкент. 22 апрел. ЎзТАГ – Куни кеча Оттава шаҳрида Ўзбекистон ва Канада ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Хабар қилинишича, Канада Ташқи ишлар ва халқаро савдо вазирлиги делегациясига Европа ва Евроосиё ишлари бўйича бюро Бош директори Метю Левин раҳбарлик қилган.

“Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг барча жиҳатлари юзасидан батафсил фикр алмашилди. Шунингдек, 2015-йил бошида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни атрофлича муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Суҳбат давомида турли соҳалардаги ҳамкорликни босқичма босқич ривожланишидан Ўзбекистон ва Канада бирдек манфаатдор эканлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестицион, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда мавжуд бўлган ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини амалда қўллаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар учрашувда халқаро ва минтақавий долзарб муаммолар, жумладан Афғонистондаги ҳолатни ҳам муҳокама қилдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: