Қозоғистон билан чегарада “Оқ олтин” ва “Малик” автойўл ўтиш пунктлари очилади

Дата: 17:15, 02-05-2017.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – 15 майдан бошлаб ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги “Оқ олтин” ва “Малик” автойўл ўтиш пунктлари ишлай бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Президентининг 26 апрелдаги қарорида кўзда тутилган, деб ёзади gazeta.uz нашри.

М-39 трассасида жойлашган мазкур ўтказиш пунктлари Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги қисқа йўлни туташтиради ва фақат енгил автомобиллар ўтиши учун хизмат қилади. Юклар ва тижорий мақсадлардаги товарларнинг олиб ўтилиши тақиқланади.

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Махтаарал тумани ҳудуди орқали тўхталишларсиз ўтувчи Ўзбекистон фуқаролари соддалаштирилган тартибда - чегара белгиси қўйилмасдан ўтказилади. Бунда шахсни тасдиқловчи, давлат чегараларини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мажбурий тартибда текширувдан ўтказилади.

 Нотранзит мақсадларда ўтаётган фуқароларга нисбатан чегара назорати қонунчиликда белгиланган ва халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.

Ҳар икки ўтказиш пунктида божхона назорати ҳам соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Бунда божхона декларацияси тўлдирилмайди, транспорт воситасини рўйхатга олиш ва божхона текширувидан ўтказиш талаб қилинмайди, бироқ мажбурий тартибда ташқи кўрик амалга оширилади.

Чегарани кесиб ўтувчи фуқаролар божхона қонунчилиги талабларига риоя қилиш мажбуриятидан озод қилинмайди.

Эслатиб ўтамизки, Махтаарал тумани орқали ўтувчи М-39 автомобиль йўли 2006 йилда ёпилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: