Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари Тошкентга ишчи ташрифи билан келди

Дата: 14:42, 22-09-2016.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Қозоғистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Аскар Мамин бошчилигидаги делегация президент Нурсултон Назарбоев топшириғига мувофиқ Ўзбекистон пойтахтига ишчи ташрифини амалга оширди. Бу ҳақида Қозоғистон бош вазирининг матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“А.Мамин Тошкентда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, бош вазир ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов билан учрашади, шунингдек Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, томонлар давлатлараро савдо-иқтисодий муносабатлар, саноат ҳамкорлиги ҳамда транспорт-транзит тизимидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишни режалаштиришган.

Олдин маълум қилигани каби, 21 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Галимжан Койшибаев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида турли соҳалардаги иккитомонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: