Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси 26 апрелдаги навбатдан ташқари президент сайловларида уч номзод қатнашишини маълум қилди

Дата: 11:50, 26-03-2015.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ – Қозоғистон Республикаси президентилигига номзодларни рўйхатга олиш тугалланди, деб хабар қилди Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) матбуот хизмати.

“Қозоғистон Республикаси президентининг 2015 йил 26 апрелга тайинланган навбатдан ташқари сайловларини ўтказиш режасига кўра 25 мартда Қозоғистон Республикаси президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тугалланди. Марказий сайлов комиссияси томонидан Қозоғистон Республикаси президентилигига номзодлар сифатида Назарбаев Нурсултан Абишевич, Сиздиков Тургун Искакович, Кусаинов Абельгази Калиакпаровичлар рўйхатга олинди”, - дейилади чоршанба куни тарқатилган хабарда.

26 мартдан бошлаб барча номзодлар сайловолди тарғиботига киришишлари мумкин.

Хабарга кўра, номзодлар кўрсатиш ва уларни рўйхатга олиш 25 мартда тугалланиб, 26 мартдан 24 апрелгача тарғибот кампанияси бўлиб ўтади.

26 апрелга тайинланган сайловларда 9,9 мингдан ошиқ сайлов комиссиялари қатнашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: