Қозоғистон мажилиси аъзолари ҚХАнинг навбатдан ташқари президентлик сайловлари ҳақидаги ташаббусига дарҳол муносабат билдирдилар

Дата: 12:33, 18-02-2015.

Астана. 18 феврал. ЎзТАГ – Қозоғистон мажилиси аъзолари Қозоғистон Халқ ассамблеясининг (ҚХА) навбатдан ташқари президентлик сайловлари ҳақидаги ташаббусига дарҳол муносабат билдирдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Аввалбошда Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) мухбири ҚР парламенти мажилиси депутатлари чоршанба кунги пленар мажлисда ҚХА навбатдан ташқари президентлик сайловлари ҳақидаги таклифини муҳокама қилиши ҳақида хабар қилган эди.

“(...) Бугунги кун тартибига Қозоғистон Халқ ассамблеясининг навбатдан ташқари президентлик сайловлари ҳақидаги ташаббусини кўриб чиқиш масаласини киритишни сўрайман”, - деди депутат Жуматай Алиев чоршанба кунги пленар йиғилишда.

Бир соат ўтмасдан КазТАГ мухбири парламент мажилиси спикери Кабибулла Жакупов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга навбатдан ташқари президентлик сайловларини тайинлаш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан чиққани ҳақида хабар қилди.

“Конституция меъёрларига биноан биз давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевга Қозоғистон Халқ ассамблеясининг навбатдан ташқари президентлик сайловлари ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш илтимоси билан мурожаат қилишимиз керак. Ҳурматли Нурсултон Абишевич, ҚР парламенти мажилиси депутатлари, Қозоғистон Халқ ассамблеяси кенгаши аъзолари навбатдан ташқари президентлик сайловлари ташаббуси билан чиқдилар. Шу каби таклифлар олдинлари ҳам парламентга мамлакатнинг барча ҳудудларида яшовчи сайловчилардан кўп маротаба келиб тушган эди”, - деди К.Жакупов чоршанба кунги пленар йиғилиш доирасида.

Айни пайтда у навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказиш зарурияти Қозоғистонга таъсир ўтказаётган объектив сиёсий ва ташқи воқеликни тушуниш билан боғлиқлигини таъкидлаб ўтди.

К.Жакупов мажилис депутатлари Қозоғистон президентини ҚХА ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

“Ва ҚР Конституциясининг 41 моддаси 1 боби 1 бандига мувофиқ, навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказиш масаласини кўриб чиқишингизни сўрайман”, - деб якунлади у.

Эслатиб ўтамизки, 14 февралда Қозоғистон Халқ ассамблеяси кенгаши аъзолари Қозоғистон Халқ ассамблеясининг парламент мажилисдаги депутатлик гуруҳига ҚРда навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳақида мурожаат қилди.

ҚХА мурожаатига мувофиқ, кучайиб бораётган жаҳон иқтисодий таназзули ва мураккаб халқаро вазият шароитларида сайловлар ўтказиш ҳақидаги умумхалқ ташаббуси “давр талабидир”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: