Қозоғистон президенти Наврўзнинг илк кунида Самарқандга ташриф буюрди

Дата: 10:10, 23-03-2018.

Тошкент. 23 март. ЎзТАГ – 21 мартда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзбек халқини байрам билан табриклаш ниятида Наврўзнинг илк кунида Самарқандга ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Олий мартабали меҳмонни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида икки давлат раҳбарларининг учрашуви бўлди.

Суҳбат чоғида президентлар минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги самимий муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, чегаралардаги енгилликлар икки мамлакат халқларининг ўзаро борди-келдиси учун кенг йўл ва имкониятлар очгани, бунда энг катта мақсад бўлган халқларимиз розилигига эришилганини таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юқори баҳоланди, уни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматидан маълум қилишларича, Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Қуръон тиловат қилинди.

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йили Шавкат Мирзиёев Наврўз кунлари Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи билан борган эди.

Сурат манбаи: https://tengrinews.kz/sng/nazarbaev-priletel-v-samarkand-340383/

Янгилик билан ўртоқлашиш: