Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Журналистлар уюшмаси хорижий ОАВ учун конкурс эълон қилди
Тошкент. 7 апрель. ЎзТАГ – Қозоғистон Журналистлар уюшмаси мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида хорижий ОАВ учун Қозоғистон ҳақида энг яхши мақолалар учун конкурс эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Қозоғистон Журналистлар уюшмаси Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида хорижий ОАВ учун “Қозоғистон хорижий ОАВ нигоҳида” номли конкурсни эълон қилди. Унда қатнашиш учун 2014 йилнинг 1 апрелидан то 15 июнига қадар инглиз ва рус тилларида хорижий ОАВда ҳажми 1500 сўздан ошмаган материал эълон қилиш зарур”, - дейилади Қозоғистон Журналистлар уюшмасининг душанба куни эълон қилинган хабарида.
Конкурсда Жанубий ва Шимолий Америка, Европа, МДҲ, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё ва Австралия ҳамда Океания мамлакатлари ОАВ иштирок этишлари мумкин. Ҳар бир ҳудуддан биттадан ғолиб танланади. Танловда хорижий босма, электрон ва онлайн ОАВ вакиллари бўлган юридик ва жисмоний шахслар, ОАВинг штатдаги ва штатдан ташқари ходимлари, ҚР ёки ундан ташқарида фаолият юритаётган бошқа хорижий жисмоний шахслар қатнашишлари мумкин.
Қозоғистон Журналистлар уюшмаси маълумотига кўра, конкурсга муаллифлар, продюссерлар, ҳуқуқ эгалари, шунингдек, ОАВ вакиллари томонидан расман жўнатилган барча материаллар танлов материаллари сифатида кўриб чиқилади. Шунингдек, конкурсда хорижий ОАВ Қозоғистон ҳақида эълон қилинган ва очиқ кўриш мумкин бўлган ҳамда конкурс ташкилий қўмитаси ихтиёрида бўлган ҳар қандай бошқа материаллар ҳам қатнашиши мумкин.
Танлов ғолиблари Астана, Олма-Ота ва Байконурга ташриф билан мукофотланади.
Конкурс ғолиблари учун Қозоғистонга саёҳат ташкил этилади. Саёҳат давомида ғолиблар мамлакат пойтахти Астана, Қозоғистондаги энг йирик шаҳар ва ишбилармонлик маркази Олма-Отага ташриф буюрадилар ва дунёдаги илк космик марказ – Байконурни бориб кўрадилар. Саёҳат авиабилетлар, Қозоғистон меҳмонхоналарида туриш, мамлакат ичида транспорт билан таъминланиш ҳамда маданий дастурни кўзда тутади.
Бундан ташқари, ғолиблар учун расмий шахслар, олимлар, экспертлар ва журналистлар, Қозоғистон фани ва маданияти арбоблари билан учрашувлар ҳам кўзда тутилмоқда.
Хабарга кўра, конкурс ишлари мавзулари иқтисодиёт ва савдо, маданият ва анъаналар, тарих, туризм ва жамият кабиларни ўз ичига олади.
Танлов жюриси таркибига Қозоғистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви раиси, ҚР Ташқи ишлар вазири, конкурс ҳамкорлари ва ҳомийлари вакиллари киради. Қозоғистон Журналистлар уюшмаси маълумотига кўра, танлов ҳар йили ўтказилади.