Қозоғистон ва Ўзбекистон 2017-2021 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқадилар

Дата: 22:35, 10-10-2016.

Тошкент. 10 октябр. ЎзТАГ – Қозоғистон ва Ўзбекистон 2017-2021 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқадилар, деб хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги.

“Биз Ўзбекистон билан 2017-2021 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ва имзолаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”, - деди ҚР ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов душанба куни “Иқтисодий дипломатия – Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий йўналиши” номли ҳукумат соатида.

Айни пайтда у ҚР президенти Нурсултан Назарбоевнинг жорий йил 12 сентябрда Самарқандга ташрифи “Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий соҳаларда янги истиқболлар очган”лигини таъкидлаб ўтди.

“Шундан кейинги ҳукумат делегациялари билан алмашинув ва бўлиб ўтган музокаралар жанубий қўшнимиз билан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашуви масаласида оптимизм туғдирмоқда. Хусусан, янги қўшма корхоналар ва савдо уйлари очиш, нефть, нефть маҳсуллотлари, автомобиль, машинасозлик, электротехника маҳсулотлари ва бошқалар етказиб бериш бўйича келишувлар тузилди”, - деб таъкидлади вазир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: