Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигига доир қонун лойиҳаси ҚР парламенти мажлиси депутатлари томонидан маъқулланди

Дата: 12:07, 02-04-2014.

Тошкент. 2 апрель. ЎзТАГ – Қозоғистон парламенти мажлиси пленар йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини чоршанба куни маъқуллади, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).
“Шартномага кўра, томонлар ҳарбий ва ҳарбий техникавий соҳалар, фуқаролик мудофааси соҳаларида ҳамкорлик қиладилар, шунингдек, фан ва техника, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар. Келишув шартларига биноан томонлар ўз алоқаларини тенглик, ўзаро ишонч, стратегик ҳамкорлик асосига қурадилар”, - дейилади парламент мажлисининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси хулосасида.
Хужжатда айтилишича, “томонларнинг ҳавфсизлик манфаатлари ёки томонлардан бирининг хавфсизлигида салбий акс этиши мумкин бўлган вазият юзага келган ҳолда томонлар келишилган ҳолда бу ҳолат бўйича маслаҳатлар ўтказиб, амалий чораларини мувофиқлаштирадилар”.
Бундан ташқари, томонлар савдо-иқтисодий ва нефтегаз соҳасидаги алоқаларини кенгайтирадилар ва чуқурлаштирадилар, ишончли ва хавфсиз транспорт коридорларини яратишни қўллаб-қувватлайдилар, Марказий Осиёда сувдан фойдаланишнинг адолатли тизимини ривожлантиришга доир келишилган позицияда бўладилар. Ушбу позиция сув-энергетика соҳасида, шу жумладан, чегара ҳудудларида янги гидротехника иншоотларини қуриш каби масалаларни ҳам ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартнома 2013 йил 14 июнда Тошкентда имзоланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: