Қозоғистон ва Ўзбекистон Чимкент-Тошкент савдо йўлаги учун транспорт-логистика қўшма корхонаси ташкил этади

Дата: 17:01, 07-06-2018.

Тошкент. 7 июн. ЎзТАГ – Қозоғистон ва Ўзбекистон Чимкент-Тошкент савдо йўлаги учун транспорт-логистика қўшма корхонасини ташкил этадилар, деб хабар беради КазТАГ “Қозоғистон тараққиёт банки” матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Чимкент-Тошкент Савдо-иқтисодий йўлагини ривожлантириш мақсадида транспорт ва логистика бўича Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонасини яратиш кўзда тутилмоқда. Ушбу қўшма корхона иши доирасида, хусусан, икки мамлакат логистика марказларида хизмат кўрсатиладиган юк транспорти учун йилига 250-400 минг тонна ҳажмидаги юк ташиши кутилаётган “яшил йўлак” ташкил этилиши кутилмоқда”, - дейилади тарқатилган хабарда.

Бу масала Чимкентдаги транспорт-логистика маркази (ТЛМ) фаолияти билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилди. “А” тоифасидаги ТЛМ 2017 йил охирида ишга туширилган эди. 2018 йил майдан ТЛМ ҳудудида “ягона ойна” принципида божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар тақдим этилмоқда.

“ТЛМ Жанубий Қозоғистон вилоятига Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россиядан транзит орқали ва қарама-қарши йўналишда келаётган товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш нуқтаси бўлиб турибди. Бугунги кунга келиб ТЛМда 1,5 мингдан ортиқ сабзавот маҳсулотлари, шакар, гўшт, парранда ва консервалар бўлган қутилар, шу жумладан, Қозоғистон барқарорлаштириш фонди захиралари сақланмоқда”, - деб маълумот беришди давлат банкида.

Чимкентда барпо этилган ТЛМ Knight Frank халқаро таснифи тоифаси талабларига мос келади. ТЛМ контейнер терминали, божхона назорати зонаси ва тегишли инфратузилмани, шунингдек, 25 минг квадрат метр умумий майдонли омборларни ўз ичига олади.

Сурат манбаи: http://www.netb4.com/?page_id=356

Янгилик билан ўртоқлашиш: