Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор
Тошкент. 17 август. ЎзТАГ – Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор, деб хабар қилади ЎзТАГ.
“Ўзбекистон 24” телеканали хабарига кўра, пайшанба, 17 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда расмий ташриф билан келган Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири Сакен Жасузаковни қабул қилди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, “мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан таъкидлади”. “Олий ва юқори даражадаги алоқалар натижасида барча йўналишларда ҳамкорлик фаоллашаётгани қайд этиб ўтилди”, - дейилади хабарда.
“Суҳбат чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик муносабатларнинг истиқболли йўналиши сифатида кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон Мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, саноат кооперацияси ва ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди”, - дея таъкидланади хабарда.
Ўз навбатида, Қозоғистон миллий мудофаа вазири “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг эзгу тилакларини етказди”.
“Сакен Жасузаков Қозоғистон томони давлатларимиз ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади”, - дейилади хабарда.
Uz24.uz нашри маълумотига кўра, Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири Сакен Жасузаковнинг ташрифи 2 кун давом этади. Қозоқ делегацияси Самарқанддаги Ҳазрати Хизр мажмуига ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиради.