Қозоғистон Ўзбекистон билан буғдой ва унни экспортга ташишда имтиёзли тарифлар ҳақида келишиб олди

Дата: 10:51, 23-02-2017.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Қозоғистон Ўзбекистон билан буғдой ва унни экспортга ташишда имтиёзли тарифлар ҳақида келишиб олди, деб хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) “Қазақстан темір жолы МК” АЖ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

22 февралда Тошкентда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти ва “Қазақстан темір жолы МК” раҳбарияти ўртасида музокаралар ўтказилди. Учрашувда темир йўл транспорти соҳасида келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

“Қозоқ буғдойи ва унини экспортга ташишда, 45-футли рефрежираторли контейнерларда юклар ташувида, ўзбек мева савзавот маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҚР орқали транзит ташувларида чегирмалар бериш ҳақида келишиб олинди”, - дейилади чоршанба кунги хабарда.

Шунингдек, томонлар ўзбек экспорт ва импорт ташувларини Транскаспий халқаро транспорт маршрути бўйлаб Оқтов ва Курик портлари орқали ташкил қилиш имкониятини муҳокама қилдилар.

“Музокаралар якунлари бўйича “ҚТЖ-Юк ташувлари” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ўртасида Қозоғистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган юкларга доир маълумотлар, юкларнинг тижорат хужжатлари ҳақида электрон алмашинувга доир келишув имзоланди”, - деб таъкидланади хужжатда.

2016 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл транспорти орқали 19 млн тонна юк ташилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: