Қозоғистон Ўзбекистон билан фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув протоколини ратификация қилди

Дата: 22:47, 28-01-2015.

Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – Қозоғистон Ўзбекистон билан фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув протоколини ратификация қилди, деб хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) ҚР президенти матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Давлат раҳбари томонидан “Қозоғистон Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги 2000 йил 7 июлдаги фуқароларнинг ўзаро бориб-келиши шартлари тўғрисидаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир протоколни ратификация қилиш тўғрисида”ги ҚР қонуни имзоланди”, - дейилади Оқўрданинг чоршанба куни эълон қилинган хабарида.

Эслатиб ўтамизки, келишув 2000 йилдан бери амал қилиб келади ва икки мамлакат фуқароларининг қўшни давлатга визасиз бориб-келиш тартибларини белгилайди. Келишувга иловада Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатлар ҳудудларига кириши, чиқиши ва унда бўлиши учун зарур хужжатлар рўйхати тасдиқланди. Ўзбекистон ушбу рўйхатни мазкур мамлакатда жорий этилган хужжатлар билан тўлдиришни таклиф қилди.

Хусусан, Ўзбекистон фуқаролари учун янги хужжатлар тоифасига Ўзбекистон фуқаросининг дипломатик ва фуқоролик паспортлари, Ўзбекистон фуқаросининг биометрик шаклдаги паспорти, 16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқароси гувоҳномаси (вояга етмаган фуқаролар учун 2015 йил 31 декабрга қадар йўл хужжати) ва Ўзбекистонга кириш сертификати (фақат Ўзбекистонга кириш учун) киради.

Қозоғистон фуқаролари учун ушбу хужжатларга ҚР фуқаросининг диппаспорти, ҚР фуқаросининг хизмат паспорти, ҚР фуқаросининг паспорти, ҚР фуқаросининг электрон ахборот тушувчи паспорти, ҳаво кемаси экипажи аъзоси гувоҳномаси (экипаж таркибида учган пайтда), ҚРга қайтиш учун гувоҳнома (фақат ҚРга қайтиш учун), ҳукуматлараро фельдегерлик хизмати ходимининг гувоҳномаси киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: