Қозоғистон Ўзбекистонга қиймати $7 млнлик қайта ишланган маҳсулот етказиб беради
Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – Қозоғистон Ўзбекистонга қиймати $7 млнлик қайта ишланган маҳсулотлар етказиб беради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Қозоғистон Миллий тадбиркорлар палатаси сайтида эълон қилинган маълумотларга асосланган ҳолда.
Улар орасида трансформаторлар, ун, қуруқ қурилиш қоришмалари ва тиббий мақсадлардаги буюмлар бор. Бунга доир келишув яқинда Тошкентда бўлиб ўтган қозоғистонлик қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларининг савдо миссияси доирасида имзоланди. Савдо миссияси таркибига 17 қозоқ компанияси кирган бўлиб, улар машинасозлик, нефтегаз, кимё, қурилиш, фармацевтика, озиқ-овқат ва қадоқлаш саноатларида фаолият олиб боради.
Савдо миссияси KAZNEX INVEST Экспорт ва импорт миллий агентлиги ва Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда ташкил этилган.
2013 йил якунлари бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси $2,1 млрдни ташкил қилиб, 2012 йилдагига қараганда 6,7% ўсди.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Россия ва Хитойдан кейин 3 ўринда бормоқда.
Ҳозирда Қозоғистонда ўзбек капитали иштирокида ташкил этилган 118 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда эса Қозоғистонлик тадбиркорлар иштирокида тузилган 178 компания ишламоқда, дейилади маълумотда.