Қозоғистон Ўзбекистонга йилига 1 млн тоннагача нефть маҳсулотлари етказиб беришга тайёр

Дата: 15:32, 18-09-2017.

Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – Қозоғистон яқин орада Ўзбекистонга йилига 1 млн тоннагача нефть маҳсулотлари етказиб беришга тайёр, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҚР президенти Нурсултон Назарбоевнинг баёнотига асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон нефть саноатида қайта ишланмаган нефть олишдан манфаатдор. Биз Россия билан бу масалаларни ўрганиб чиқмоқдамиз ва уни аста-секин ҳал қиламиз. Шунингдек, биз учта нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилишни якунламоқдамиз. Бу орқали Ўзбекистонга йилига 1 млн тоннагача тайёр нефть маҳсулотлари етказиб бериш имкони туғилади”, - деб таъкидлади у Тошкентда ўтказилган  брифингда.

Назарбоевнинг сўзларига кўра, мамлакатларнинг газ тармоғидаги ҳамкорлиги ҳам самарали ривожланмоқда.

“Ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам сезиларли салоҳият мавжуд. Биз ҳукуматларга икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янги газ лойиҳаларини ишлаб чиқишни топширдик”, - деб таъкидлади Қозоғистон раҳбари.

Эслатиб ўтамизки, 16 сентябрда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: