Қозоғистон жорий йилнинг кузидаёқ Ўзбекистонга доимий автобус рейслари қўйиш ниятида
Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Қозоғистон жорий йилнинг кузидаёқ Ўзбекистонга доимий автобус рейслари қўйиш ниятида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бизда узоқ вақтдан бери мунтазам автобус қатнови йўқ эди. Биз Ўзбекистон чегарасигача етиб борар, йўловчилар чегарадан пиёда ўтиб, ўзбек ҳудудида мунтазам рейсларга ўтиришар эди. Бугун биз ҳам темир йўл, ҳам автомобиль рейсларини очдик. Кузда мунтазам автобус рейсларини очишни режалаштирмоқдамиз”, - деб иқтибос келтиради Today.kz нашри ҚР Сармоялар ва ривожланиш бўйича вазири Женис Қосимбекнинг мамлакат мажилисида (парламенти) йиғилишидаги сўзларидан.
Вазирнинг ўзларига кўра, ушбу режаларни амалга ошириш учун тегишли инфратузилмани тартибга келтириш лозим. Бунинг учун чегарага чиқувчи барча йўлларни таъмирлаш режалаштирилган.