Қозоғистонда содир бўлган ЙТҲ оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, улардан учтаси ўзбекистонлик

Дата: 10:39, 06-08-2019.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – Қозоғистонда йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, улардан учтаси ўзбекистонлик, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Олмаота шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонасининг маълумотларига кўра, 2019 йил 2 август куни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Олмаота-Тошкент-Термиз автомобил йўлида ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлган, уларнинг 2 нафари Ўзбекистон фуқароси Ф.Т. ва Д.А. Жароҳатланган учинчи ҳамюртимиз Р.Ж. Чимкент шаҳар шифохонасида вафот этди", - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, ЙТҲ бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

"Бош консуллик вазиятни ўз назоратига олди ва ҳалок бўлганларнинг жасадини ватанига етказишда консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал этишда уларнинг оилаларига ёрдам беради", - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: kg.ua

Янгилик билан ўртоқлашиш: