Қозоғистонда тўрт нафар ўзбекистонлик жабрланди

Дата: 10:15, 21-05-2019.

Тошкент. 21 май. ЎзТАГ – Қозоғистоннинг Мангистоғ вилоятида тўрт нафар ўзбекистонлик йўл-транспорт ҳодисасида (ЙТҲ) жароҳат олган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"18 май тахминан соат 18.00 да Мангистоғ вилояти" Бейнеу-Тажен" автомагистралининг 82-километрида 7 нафар, шу жумладан, 4 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган "Лада-Ларгус" енгил автомобили иштирокида ЙТҲ содир бўлди", - дейилади Қозоғистондаги Ўзбекистон элчихонаси матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, воқеа содир бўлган жойда Туркия фуқароси ҳалок бўлган, қолганлари эса Бейнеу туман касалхонасига ётқизилган.

"Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси Аширов Бобомурад Базарбаевич(15.08.1991 й. т.) мазкур тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида. Жабрланганларнинг қолган қисми Ўзбекистон фуқаролари (Аширов Дурдимирад Базарбаевич (17.01.1990 й.т.), Шовхумов Каримбай Юлдашевич (02.02.1980 й. т.), Гошаров Ҳайитмурад Атажанович (30.06.1984 й. т.) касалхонадан чиқарилди. Ушбу ҳолат юзасидан Бейнеу тумани полиция бўлими томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда", - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, жабрланган Ўзбекистон фуқароларига, жумладан, Б.Ашировга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида элчихона Мангистоғ вилояти ва Бейнеу туман маъмурияти билан бевосита алоқалар ўрнатган. Айни пайтда, ўзбекистонликларни ўз ватанига тезроқ қайтариш чоралари кўрилмоқда.

 

Сурат манбаи: kubnews.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: