Қозоғистоннинг баъзи ҳудудларидаги ЁҚШда бензин тақчиллиги кузатилмоқда

Дата: 17:57, 14-08-2014.

Тошкент. 14 август. ЎзТАГ – Қозоғистоннинг баъзи ҳудудларидаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин тақчиллиги кузатилмоқда, деб хабар қилади Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).

Хусусан, агентлик мухбирининг хабарига мувофиқ, Алматининг баъзи ЁҚШа бензин чекланган ҳолда қуйиб берилмоқда, бошқаларида эса талаб қатта бўлган АИ-92 маркадаги бензин умуман сотувда йўқ.

Алматидаги Royal Petrol автоёқилғи қуйиш шахобчалари тармоғида “бутун шаҳар бўйича АИ-92 маркадаги бензин йўқ” ва “яқин орада бўлмаслиги ҳам мумкин”, деб хабар қилишган. Айни пайтда, тақчиллик сабаблари аниқланмаган.

Ўз навбатида, пойтахтдаги Sinooil, “КазМунайГаз” ва бошқа ЁҚШда бензин чекланмаган миқдорда сотилмоқда. Helios компанияси шаҳобчасида эса АИ-92 маркадаги бензин борлиги, лекин бир кишига фақат 5 литрдан берилаётганлиги хабар қилинди. АИ-95, АИ-98 турли бензин эса йўқ.

Шу ҳафта бошида Қозоғистоннинг шимолида бензин тақчиллиги ҳосил бўлди. Мухбирнинг маълумотларига кўра, Костанай вилоятининг Рудний шаҳрида диспетчерлар бензин йўқлиги сабабли таксиларни буюртмалар бўйича жўнатишдан бош торганлар. Аҳоли эса вилоят марказида ёқилғи қуйишга мажбур бўлган.

Худди шу каби вазият Уральскда ҳам юзага келган. Бу ердаги “Азовский” ва “Пит-стоп” ЁҚШда АИ-92 маркадаги бензин йўқ. Бошқа шахобчаларда бензин фақат талонлар бўйича берилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: