Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси дипмиссиясини бажаришга киришди

Дата: 11:43, 08-04-2016.

Тошкент. 8 апрел. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов Қозоғистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерик Утембаевдан ишонч ёрлиғининг нусхасини қабул қилди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Давлатлараро алоқаларнинг барча соҳаларидаги босқичма-босқич ва изчил ривожланиши Ўзбекистон-Қозоғистон олий даражадаги мунтазам мулоқотига асосланиши таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда бўлажак икки томонлама сиёсий учрашувларнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамизки, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги бундан олдинги элчиси Борибай Жексембин бўлиб, унинг Тошкентдаги миссияси ўтган йил декабрда якунланган эди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан биридир. 2015-йил якунларига кўра ўзаро савдо айланмаси $3 млрддан ошганлигини кўрсатди. Томонлар транспорт, коммуникация ва транзит соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: