Пак Кин Хэ: “Мен Ўзбекистон ва Корея Республикаси стратегик шериклар эканига амин бўлдим”

Дата: 19:36, 23-07-2014.

Тошкент. 23 июл. ЎзТАГ – Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, унда 2014 йилнинг 16-18 июн кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистонга ташрифининг ташкил этилиши муносабати билан ўз миннатдорчилигини билдирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Олий даражада бўлиб ўтган учрашувда давлатларимиз нафақат энергетика соҳаси, балки “электрон ҳукумат”, ахборот технологиялари, тўқимачилик ва мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит, инфратузилма ва бошқа кўплаб соҳаларда турли ҳамкорлик лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги келишувга эришди”, - деб қайд этилади мактубда.
Корея президенти яқиндан ҳамкорлик муҳим лойиҳаларни бекаму кўст, тўла амалга оширишга имкон беришига умид билдирди.
“Бўлиб ўтган учрашувлар натижасида мамлакатларимиз ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида биргаликда равнақ топишга интилаётган стратегик шериклар эканига амин бўлдим”, - дейилади мактубда.
Шунингдек, Пак Кин Хэ Ислом Каримовнинг халқаро ва минтақавий масалалар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари, шунингдек, Ўзбекистондаги корейс диаспорасига қаратаётган эътибори унда чуқур таасурот қолдирганлигини ёзди.
“Афросиёб” музейидаги деворий расмларда акс эттирилган Когурё даври элчиларининг тасвири Буюк Ипак йўлининг қадимий тажрибаси бизнинг кунларимизда ягона Евроосиёда яна мужассамлаша олишига ишончимни мустаҳкамлади”, - деб таъкидланади мактубда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: