Papenburg AG немис ширкати ўзбек автойўлчилари билан ҳамкорликни давом эттиришни режалаштирмоқда

Дата: 12:20, 29-04-2016.

Тошкент. 29 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда “Ўзавтойўл” АК ва Papenburg AG немис компанияси вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учрашув чоғида томонлар "Papenburg AG" компанияси томонидан А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 440-490 км қисмида амалга оширилган цементбетон қопламали 50 км автомобиль йўли қурилиши лойиҳаси хусусида фикр алмашишди”, - деб таъкидлашди “Ўзавтойўл” АКда.

Шунингдек, учрашувда "Ўзавтойўл" АК ва "Papenburg AG" компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик имкониятларининг йўналишлари кўриб чиқилди. Хусусан, гап соҳа мутахассисларининг тажриба алмашинуви, цементбетон ва асфальтбетон қопламали автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва эксплуатация қилишда замонавий технологиялар, инновациялар, услублар ва махсус техникаларнинг қўлланилиши шулар жумласидандир. Немис томони ўзбек йўлчилари билан янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди.

Эслатиб ўтамизки, "Papenburg AG" компанияси сўнгги бир неча йил давомида Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа мамлакатларида цементбетон ва асфальтбетон қопламали автомагистраль йўллар  қурилиши бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: