Парижда Ўзбекистон ва Франция ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент. 20 март. ЎзТАГ – Париж шаҳрида Ўзбекистон ва Франция ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг навбадаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Икки мамлакат делегацияларини Франция ташқи савдо вазири Николь Брик ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниевлар бошқарди.
Ўзбек делегацияси ташрифи давомида француз корхоналари вакиллари иштирокида агросаноат комплекси ва сув ресурсларини бошқариш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундай учрашувларни доимий равишда ўтказиб туришга келишилди.
Шунингдек, француз томони Бутунжаҳон туризм ташкилоти Ижроя кенгашининг 2014 йил октябрда бўлиб ўтадиган 99-сессиясига мезбон сифатида Самарқанд шаҳри номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Ташриф давомида 40 ошиқ француз компаниялари вакиллари қатнашган бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди. Ўзбек делегацияси Француз тараққиёт агентлигига ташриф буюрди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги пайтда Франция Ўзбекистоннинг ЕИдаги асосий иқтиисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2013 йил якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми 15,8% ўсди ва $323 млнни ташкил қилди. Бугун Ўзбекистонда француз капитали иштирокида ташкил этилган 17 корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатда 8 француз ширкатининг ваколатхоналари рўйхатга олинган.