Парижда Ўзбекистон ва Франциянинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш тажрибаси муҳокама қилинди

Дата: 15:57, 10-03-2016.

Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Франциянинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш тажрибаси Парижда бўлиб ўтган “давра суҳбати”да муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Муҳокама Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил Институти бир қатор ходимларининг хизмат сафари доирасида ташкил этилди.

Институтдан хабар беришларича, “Фуқаролик жамияти шаклланишининг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва Франция тажрибаси” мавзусидаги “давра суҳбати”да франциялик экспертлар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

 “Давра суҳбати” доирасида Ўзбекистон ва Францияда фуқаролик жамияти ривожланишининг қонуний асослари, ҳолати ва умумий тенденциялари, шунингдек, жамоатчилик назоратини ўрнатишда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, таълим, аҳолининг бандлиги, ҳудудлар инфраструктурасининг ривожланиши соҳаларидаги дастурларни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари ижтимоий шериклигини ривожлантиришнинг самарали механизмлари ҳам ўрганилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: