“Парламент назорати тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Сенати томонидан маъқулланди

Дата: 16:39, 01-04-2016.

Тошкент. 1 апрел. ЎзТАГ – 31 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси биринчи иш кунида “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун маъқулланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Сенат матбуот хизматидан хабар беришларча, қонуннинг қабул қилиниши Конституция ва қонунларнинг бажарилиши устидан парламент назорати учун қонуний асос яратилади. Бу эса, ўз навбатида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонун ҳужжатлари ижро этилиши учун жавобгарлигини оширади.

“Қонунда парламент назорати субъектлари ва объектлари белгилаб берилган, унинг шакллари мустаҳкамланган, парламент назорати натижалари бўйича кўриладиган чора-тадбирлар тартибга солинган”, - деб таъкидлашди Сенат матбуот хизматида.

Жумладан, Олий Мажлис палаталари, палаталар қўмиталари (комиссиялари), сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назорати субъектлари қаторига киритилган.

Парламент назорати шакллари аниқ мустаҳкамлаб қўйилди. Қонунда мамлакат давлат бюджети ижро этилишини кўриб чиқиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботини, ҳукумат аъзоларининг ахборотини, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботларини эшитиш назарда тутилган.

Парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижро этилаётганлигини ўрганиш, қабул қилинган қонунларни ижро этиш мақсадида қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини мониторинг қилиш, парламент текшируви сингари янги, бироқ амалиётда синалган парламент назорати шакллари мустаҳкамлаб қўйилган.

Бундан ташқари, қонунда парламент назорати натижалари бўйича қабул қилиниши мумкин бўлган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланган.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳокимият тармоқларини бўлиш конституциявий принципини рўёбга чиқаришни давом эттиришда, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини яратишда, Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини кучайтиришда муҳим омил бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: