Пекинда июнда Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик муҳокама қилинди

Дата: 17:15, 18-03-2016.

Тошкент. 18 март. ЎзТАГ – 2016 йилинг 15-18 мартида Пекин шаҳрида (Хитой) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Қирғизстон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон вакиллари шу йилнинг июн ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлиси ҳамда Ўзбекистон раислиги доирасида бўлиб ўтадиган бошқа тадбирларни батафсил муҳокама қилишди”, - дейилади жума куни эълон қилинган хабарда.

Шунингдек, мажлисда ШҲТ Котибиятининг Ҳиндистон ва Покистонга аъзо давлат мақомини бериш ҳамда ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари – Озарбайжон, Арманистон, ва Непал билан Мемарандумларни имзолашга оид музокоралар жараёнининг бориши тўғрисидаги маълумоти тингланди.

Бундан ташқари, миллий координаторлар МККнинг Пекин шаҳрида навбатдаги мажлиси ўтказилиш санасини бегилаб олишди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг июлида ШҲТга  Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланди. Ташкилотнинг Уфа шаҳридаги саммитида ташкилотда раислик Россиядан Ўзбекистонга ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: