Пекинда ШҲТ доимий органлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди

Дата: 16:06, 03-02-2016.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Куни-кеча Пекинда ШҲТ бош котиби Рашид Алимовнинг ШҲТ Минтақавий аксилтеррор таркиби ижроя қўмитаси директори Евгений Сисоев билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар берилади РАТС сайтида.

“ШҲТ доимий амал қилувчи органлари раҳбарлари ташкилот ҳудудида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан конструктив фикр алмашдилар”, - дейилади хабарда.

Хабар қилинишича, Р.Алимов Е.Сисоевни вазифасини бажаришга киришгани билан табриклаб, у ўзининг бой аксилтеррористик тажрибасига таянган ҳолда минтақадаги глобал хавфсизлик таҳдидлари билан кураш ишига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йил январда ШҲТ бош котиби вазифасини бажаришга Тожикистон вакили Рашид Алимов киришди, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор таркиби ижроя қўмитасининг янги директори қилиб эса Евгений Сисоев тайинланди. 2016 йилдан бошлаб ШҲТ раислик Ўзбекистонга ўтади.

Эслатиб ўтамизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг 10 июлида ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: