Пекинда Ўзбекистон ва ХХР ТИВ раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди

Дата: 16:39, 07-02-2018.

Тошкент. 7 феврал. ЎзТАГ – 7-феврал куни Пекинда Ўзбекистон ва Хитой Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига таянган ҳолда.

“7-феврал куни Хитой Халқ Республикасига расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Пекин шаҳрида Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Йи билан учрашди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, учрашувда икки томонлама муносабатларнинг муҳим масалалари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 11-13-майдаги давлат ташрифи ва Хитой раҳбарияти билан музокаралари доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида вазирлар томонидан “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик” номли Афғонистон бўйича бўлажак конференция кун тартибига алоҳида эътибор қаратилди. Конференция Ўзбекистон ва Афғонистоннинг қўшма ташаббусига кўра Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-30468.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: