Подмосковьеда Ўзбекистоннинг уч фуқароси она-болани ўлдирганлиги учун 18 йил колонияга ҳукм қилинди

Дата: 17:53, 07-11-2016.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Подмосковьеда Ўзбекистоннинг уч фуқароси она ва унинг ўғлини ўлдирганлиги учун 18 йил колонияга ҳукм қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Россия Тергов қўмитаси Москва вилояти бўйича БТБ матбуот хизматига асосланган ҳолда.  

“Улар (А.Басаров, Б.Зарипов ва М.Нуржонов – ЎзТАГ) РФ ЖКнинг 105 моддаси 2 қисми “а”, “ж” ва “з” бандларида (қотиллик), 162 моддаси 4 қисми (талончилик), 167 моддаси 2 қисми (мулкни қасддан йўқ қилиш ва зиён етказиш) билан айбдор деб топилди”, - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, 2015 йил 15 июнда Серпухов шаҳридаги хонадонда ёнғин ўчирилганидан кейин  бу ердан 47 ёшли аёл ва унинг 27 ёшли ўғлининг пичоқланган жасадлари топилган.

“Тергов жараёнида жиноятга Ўзбекистон Республикаининг уч фуқароси алоқадорлиги аниқланди”, - дейилади хабарда. 

Тергов маълумотларига кўра, гумондорлардан бири жабрдийданинг қўлида юк ортувчи бўлиб ишлаган.

“Москва вилоят судининг ҳукми билан А.Басаровга 18,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Б.Зарипов ва М.Нуржоновларнинг ҳар бирига эса 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Уларнинг ҳар учаласи жазони қаттиқ режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўтайди”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, суд улардан ўлдирилганлар фойдасига 3 млн рубл маънавий ва моддий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: