Поездда Тошкентдан Урганчгача боришга кетадиган вақт 11 соатга қисқаради

Дата: 17:44, 18-12-2015.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ - Поездда Тошкентдан Урганчгача боришга кетадиган вақт 11 соатга қисқариб, 19 соатдан 8 соатга тушади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга янги “Навоий-Конимех-Мискин” темир йўл йўналишини қурилиши тугалланиши баробарида эришилади. Бу ҳақида “Правда Востока” газетасига Хоразм вилояти Транспорт бошқармасининг Қўнғирот минтақаси бўлими бошлиғи ўринбосари Мақсуд Искандаров хабар қилди.

Ўзбекистон пойтахтидан Хоразм вилояти маъмурий марказигача бўлган йўл 800 км, деб таъкидлади у.

Газетанинг олдин берган хабарига кўра, узунлиги 396,9 километр бўлган “Навоий-Конимех-Мискин” линияси 2016-2017 йилларда қурилади.

Искандаровнинг сўзларига кўра, “йўлнинг асосий қисми саҳролар орасидан ўтади”. “Қурилиш ишларида 2000 нафардан ортиқ киши ҳамда кўп миқдордаги техник воситалар хизмат қилади”, деб давом этди у.

Хоразм вилояти Транспорт бошқармасининг Қўнғирот минтақаси бўлими бошлиғининг фикрига кўра, “кенг кўламли ишларни амалга ошириш зарур бўлади”.

“Темир йўлнинг ҳар бир метрини бир метр қалинликдаги шағал билан қотириш режалаштирилмоқда. Самарқандда бунинг учун махсус тайёрланган мустаҳкам темирбетон шпаллар ўрнатилади. Янги йўлдан электропоезд 100 км/с тезликда юради”  -деб қўшимча қилди Искандаров.

Янгилик билан ўртоқлашиш: