Польша Сейми делегацияси Ўзбекистон парламентида учрашув ўтказди

Дата: 22:16, 01-07-2015.

Тошкент. 1 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон парламентида мамлакатга ташриф буюрган Польша Республикаси Сейми Спикери ўринбосари Ежи Вендерлих бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қонунчилик палатаси матбуот хизматидан хабар қилишларича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов, шунингдек, Сенат раиси ўринбосари Светлана Артиковалар билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ишонч принципларига асослангани таъкидланди. Икки мамлакат ўртасида иқтисодий, инвестициявий, таълим, маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. 30 дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро шартнома ҳамда келишувлар имзолангани бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мулоқотлар чоғида Польша парламенти аъзолари Сейм фаолияти хусусида сўзлаб берди, Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

2014 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми $166 млндан ошган.

Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: