Порошенко Мирзиёевни Украинага таклиф қилди

Дата: 13:08, 25-07-2017.

Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Украина Президенти Пётр Порошенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни 60 йиллик юбилейи билан табриклаб, уни Украинага ташриф буюришга таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида муваффақиятли амалга оширилаётган ислоҳотлар мустақил Ўзбекистон тараққиётида янги босқич бўлади. Давлатни изчиллик билан модернизация қилиш мамлакатингизнинг халқаро обрўсини янада мустаҳкамлаш ва меҳнаткаш халқингиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда”, - деб таъкидлади Петр Порошенко.

Украина раҳбари Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги амалий мулоқотни жадал ривожлантиришга ҳар икки томоннинг тайёр экани халқларимиз фаровонлиги йўлида дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади, дея таъкидлади. “Фурсатдан фойдаланиб, ўзингизга қулай вақтда Украинага ташриф буюришингизни таклиф этаман”, деди у.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёевни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпинь, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Болгария президенти Рамен Радев, Россия Федерацияси ҳукумати раиси Дмитрий Медведевлар ҳам табриклашди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: